Симпилислик отахон билан “свет” ҳақида суҳбат

Таҳририятимизга келиб тушган ариза ва шикоятларнинг аксарияти Симпилис қишлоғидан экан. Бош муҳарриримиз мени дарҳол ўша қишлоққа юбориб, материал тайёрлаб келишни айтди. Отландим...

Қадим ва машҳур Симпилис қишлоғини топишим қийин бўлмади. Аввало маҳалла гузарига ўтиб, у ерда тўпланиб ўтирган тўрт-беш кишига қишлоқ ҳақида мақола ёзишга келганимни билдирдим ва бунинг учун кимга учрашишим мумкинлигини сўрадим. Улар бир отахонни тавсия қилишди. Манзилини олгач, отахоннинг уйига келдим.

Ҳозир қишлигига қарамай, саксондан сакраган отахон ҳовлисида яктакчан юрган экан. Овозимни эшитгач, менга очиқ чеҳра билан пешвоз чиқди.

— Ке, болам, сени кутиб тургандим.

— Келишимни қаердан билдингиз, — дедим ҳайратимни яширолмай.

— Бу қишлоқда нима янгилик бўлса, биринчи мен хабар топаман. Қани, ичкарига кирайлик, — деди-да, оғзидаги носини бир четга туфлади.

Невараси олиб кирган аччиққина кўк чойни уч қайта айлантириб, янада аччиқроқ қилди. Кейин пиёлага қуйиб, менга узатди. Чойни олиб, мақсадга ўтиб қўя қолдим.

— Ота, қишлоғингиздан бизга кўп ариза тушган. Ҳар хил муаммолар бўйича, гузардагилар сизга учрашишимни маслаҳат беришди...

— Жалоба дейсанми, болам? — деди гапимни чўрт кесиб. — Қишлоқдаги муаммоларни менчалик яхши биладиган одамни танимайман. Тўғри жўнатишибди. Нима дардинг бор, қулоғим сенда.

Отахоннинг чўрткесарлиги ёқди. Гапни нимадан бошлашни билмай тургандим.

— Аввало янги Президентимиз ҳақида фикрингизни билмоқчи эдим.

— Ҳа, янги пошшомизми? Яхши, жуда яхши. Халқни, айниқса, кексаларни ўйлаган пошшо кам бўлмайди. Сен менга муаммодан гапир, бошимни айлантирмай.

— Хўп. Қишлоғингиздан энг кўп шикоят чироқ ўчиши бўйича тушган...

— Тўғри-да! — яна гапим оғзимда қолди. — Чироқ кўп ўчади. Шуни сўрамоқчимидинг?

— Чироқ ўчиши ҳақида батафсилроқ нима дейсиз?

— Падробнийми? Кўп нарса айтаман. Сабринг етадими? Ҳаммасини чиқарасанми газитингда? — Тасдиқ жавобини олгач, давом этди: — Энди, мухбир болам, чироқ реална кўп ўчади. Олдинлари олти соат ўчириб, уч соат ёқарди. Охирги пайтларда разнисасини уч соатга уч соат қиб қўйди. Майли, одамлар кўникиб бўлди. Лекин қачонгача?

Чол носқовоғини олиб, бир чеким носдан кафтига солди-да, оғзига отди.

— Мана, масалан, тунов куни туманимизга вилоят ҳокими келди. Эрталаб соат тўққизда свет ўчиришди, шу билан кечки пайт еттида ёқишди. Сабабини билсам, туман сентирида чироқ обеспичит қилишибди, жабрланганлар қишлоқ аҳли. Энди кўчалардаги ҳолатни кўрсанг: мелиса босиб кетган ҳамма жойни. Даже одамлар ер кавлаб, кўчат экяпти. Бўлмаса, ҳозир қиш. Менам бордим-да ҳоким бовани майлисига.

Отасига раҳмат, халқ билан чин дилдан гаплашди. Одамларнинг дардини эшитди, шотирларига муаммони ҳал қилиш ҳақида буйруқлар берди. Симпилиснинг обрўсини кўтарай деб, менам савол ташладим, — отахон гиламни кўтариб, четига носини туфлади-да, чойдан ичиб, яна давом этди:

— Ҳоким болам, чироқ ўчиши камайиб қоладими, дедим. Нима деганини биласанми? Отахон, шукр қилинг, олдин олти соат ўчириб, уч соат ёқардик. Ҳозир уч соатга уч соат қилдик, дейди. Ёмон жалим чиқди. Шукр қилармишман. Ношукр бўлганимда бу ёшга етмасдим, болам.

— Кун бўйи чироқ ўчгани ҳоким ташрифи билан боғлиқлигини қаердан билдингиз, ота? — савол назари билан чолга қарадим.

— Биламан-да, жим эшитгин. Ўзинг муаммо сўрадинг, энди индамай ўтир. Ҳали энг даҳшати олдинда. Анов куни биринчи пошшомиз туғилган куни эди, тўғрими? У кишини унутиш осонмас, шу давлатга анча меҳнати сингган. Халқни ҳурмат қилмасанг, Каримовнинг ҳурмати бордир, баччағар! Шу куниям светни ўчиришди-да. Уч соат бор, уч соат йўқ. У киши ҳақидаги дакименталний кинони кўрмоқчийдим, йўқ, дилбузардагилар чироқ ўчадиган пайтга тўғрилашган экан. Қайси пайт қўйишни мендан сўрамайдими!

— Сизнингча, бир кунда қанча соат ва қайси пайтда чироқ бергани маъқул?

— Э, болам-а, бу қанақа савол? Уялмайсанми? Улар уялмайдими? 25 йил бўлдию! Майли, раз мени фикрим қизиқ туюлса, айтаман. Эрталаб саҳар бешдан тўққизгача ёқсин, ҳамма уйғониб, чой-пойини ичиб, иш-пишини қилади, ишига, ўқишига боради. Кейин тўққиздан ўн биргача ўчирсин. Лекин ўн бирда яна тўк бериши керак, обед пайтию, тўғрими, болам? Иккигача свет бўлсин, иккидан кечки бешгача ўчириб, бешдан яна ёқсин.

Соат бешда ёққандан кейин то ўн бир ё ўн иккигача ўчирмасин-да. Одамлар кечки овқатини пиширади, бошқа юмушларини қилади, дам олади, дилбузар кўради. Кимдир кино, бошқаси сериал, болалар мультфильм, например, мен “Ахборот” кўришим мумкин. Қизиқарли кўрсатувларни томоша қилгимиз келади. Ана ундан кейин ўн иккидан эрталабки бешгача бемалол ўчирсин. Қара, бир суткада ўн соат тўк эконом қиляпти. Шунча электр етар?!

— Балки одамларнинг токдан қарзи бордир...

— Бе, қаяқда? Набарот! Биласанми, болам, ҳар ойда ойлик маош ва пенсиядан тўк учун деб палон сўмдан ушлаб қолишади. Энди ўзинг ўйлаб кўр, например, сен тўкка ҳар ойда пул тўламасанг керак?! Давлат халқдан тўк қарздор бўлиб қолган ҳозир.

— Отахон, анча сиёсийлашиб кетди суҳбатимиз...

— Нима, қўрқяпсанми? Нега келдинг олдимга унда? Сентирингда маза қилиб яшаб юравермайсанми? Жаҳлимни чиқарма, бола! Маши гапларимни ҳаммасини ёзгин! Сўзма-сўз ўқийман-а.

Отахонни ишонтириб, уйидан аранг қочиб чиқдим. Ҳа, менга ўхшаган “қочоқ мухбирлар” қалашиб ётибди. Худди бу чолнинг ичидаги дардга ўхшаб. Оббо, бош муҳаррирга нима дейман энди? Айлантириб, қоғозга ўраб ташарман. Уёғи ўзига боғлиқ...

Фикрлар

Фикрлар мавжуд эмас