Ҳабиб Нурмагомедов Ўзбекистонга етиб келди

Бугун, 21 ноябрь куни UFC бўйича жаҳон чемпиони, россиялик яккакурашчи Ҳабиб Нурмагомедов Ўзбекистонга етиб келди.

Россиялик спортчини ўзбекистонликлар тантанали равишда кутиб олишди. 23 ноябрь куни Тошкентдаги Ҳумо арена мажмуасида ММА бўйича мусобақа ўтказилади. Бу спорт бўйича Ўзбекистонда ҳали профессионал мусобақа ўтказилмаган.

Кечанинг марказий жангида Ҳабиб Нурмагомедовнинг амакиваччаси Умар Нурмагомедов аргентиналик Брайн Гонзалез билан жанг қилади. GFC20 мусобақаси 23 ноябрда Humo Arena’да бўлиб ўтади. Мусобақага Ҳабиб Нурмагомедовнинг ташриф буюриши кутилмоқда.

Gorilla Fighting Championship`да жами 26 спортчи қатнашади, улардан 8 нафари – ўзбекистонлик жангчилар. 13та жангдан иборат турнир Тошкентдаги "Ҳумо" аренасида ўтказилади. Баҳслар шанба оқшомида, соат 18:00да бошланиши белгиланган.

Мусобақадан бир кун олдин, 22 ноябрь соат 20:00да "Tashkent City"даги Конгресс-ҳоллда иштирокчиларнинг вазн ўлчаш тадбири катта шоу шаклида ташкил этилади. Турнир учун чипталар нархи 30 мингдан 300 минггача, вазн ўлчаш маросими чипталари эса 30-90 минг сўм оралиғида белгиланган. Чипталарни iticket.uz сайтида сотиб олиш мумкин.

Эслатиб ўтамиз, октябрь ойида Ўзбекистон аралаш жанг санъати федерацияси очилган, унга Отабек Умаров президент этиб сайланган эди. Аввалроқ, Ҳабиб Нурмагомедов Ўзбекистонда MMA академиясини очиш ниятида эканини айтганди.

Фикрлар

Фикрлар мавжуд эмас

    Респект

    • 22:42
    • 20/11/2019
    • Akmal Eshonkhonov