Бедарак йўқолган Абдуллоҳ Тоҳиров кўриниш берди

Абдуллоҳнинг отаси Дилмурод Тоҳировнинг шахсан ўзи ўғлининг уйга қайтганини тасдиқлади.

Аввалроқ, Андижон вилоятида 26 октябрь куни Ички ишлар бошқармаси ходимлари олиб кетиши ортидан бедарак йўқолган 20 ёшли Абдуллоҳ Тоҳиров 8 ноябрь куни Жалақудуқ туманидаги уйига қайтгани ҳақида хабар берган эдик. Абдуллоҳнинг отаси Дилмурод Тоҳировнинг шахсан ўзи ўғлининг уйга қайтганини тасдиқлади.

Аммо, Дилмурод Тоҳиров ўғлининг шу пайтгача қаерда ушлаб турилгани ҳақидаги тафсилотларга тўхталмади.

Андижонлик деҳқон йигит Абдуллоҳ Тоҳиров вилоят Ички ишлар бошқармасининг юқори мартабали амалдори машинаси билан йўл ҳодисаси содир этгани ортидан милицияга олиб кетилган ва ўшандан бери оиласи унинг қаердалиги ҳақида маълумотга эга эмаслигини айтиб келаётган эди. Бугун, Абдуллоҳ Тоҳиров ижтимоий тармоқларда кўриниш бериб, соғ-саломатлигини ва уйида эканлигини билдирган.

"Мен Тоҳиров Абдуллоҳман. 14 кундан бери интернет тармоқларида шов-шувга сабаб бўлиб, қидирилган ўша боламан. Барчангларга каттакон раҳмат. Ўз миннатдорчилигимни билдираман. Мен Худога шукур ўз уйимда ота-онам билан тинч омон ўтирибман. Барчангларга раҳмат!", деган Абдуллоҳ.

Абдуллоҳнинг йўқолиши ижтимоий тармоқда катта шов-шувга сабаб бўлди. Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати Абдуллоҳ Тоҳиров ишига изоҳ беролмаслиги, бу масала билан "бошқа идора" шуғулланаётганини айтиш билан чекланганди. Абуллоҳ Тоҳиров Жалақудуқ туманида деҳқончилик билан шуғулланган. У Россияда бир йил ишлаб шу йил май ойида қайтганди.

Фикрлар

Фикрлар мавжуд эмас