Дониёр Салиев ЖЧ медали қатори Токиога ҳам йўлланмани қўлга киритди

Бугун Бирлашан Араб Амирликларининг Дубай шаҳрида пара-енгил атлетика бўйича жаҳон чемпионати бошланди

Эътиборлиси, ушбу дунё биринчилиги келаси йил Токиода бўлиб ўтадиган Паралимпия ўйинларига тўғридан тўғри йўлланма берувчи мусобақа ҳисобланиб, унда сайёрамизнинг 100 дан ортиқ мамлакат вакиллари иштирок этмоқда.

Мазкур жаҳон чемпионатининг биринчи кунидаёқ ўзбекистонлик пара-атлетикачилар муваффақиятли иштирок этишди. Бироз аввал узунликка сакраш бўйича Т12 тоифасининг финал баҳсида қатнашган ҳамюртимиз Дониёр Салиев 7.44 метр натижа қайд этиб, чемпионат рекордини ўрнатиш қатори мусобақанинг олтин медалига сазовор бўлди. Эътиборлиси, Рио-2016 совриндори Салиев бу натижаси билан Токио-2020 Паралимпия ўйинларига ҳам йўлланмани нақд қилиб қўйди.

Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси бундай натижа билан спортчимиз ва делегациямиз вакилларини самимий муборакбод этиб қолади. 15 ноябргача давом этадиган мусобақада қатнашувчи қолган ҳамюртларимизга ҳам мана шундай улкан ғалабалар ёр бўлсин. Эслатиб ўтамиз, бу терма жамоамиз учун Токио Паралимпиадасига қўлга киритилган саккизинчи йўлланмадир.

Фикрлар

Фикрлар мавжуд эмас