Тожик-ўзбек чегарасига ИШИД жангарилари ҳужум қилди. Қурбонлар 15 нафардан зиёд

Бугун 6 ноябрга ўтар кечаси 20 нафар ниқобли номаълум шахслардан қуролли гуруҳ тожик-ўзбек чегарасида чегара заставасига ҳужум қилган. Бу ҳақда Тожикистон Давлат миллий хавфсизлик қўмитасининг чегара қўшинлари матбуот хизмати хабар бермоқда.

Куч ишлатар тузилмаларнинг амалиёти чоғида қуролланган гуруҳдан 15 киши ўлдирилган, отишма пайтида чегара қўшинларининг бир аскари ва ички ишлар бўлимининг бир ходими ҳалок бўлган.

Тожикистон ИИВ амалиёт чоғида гуруҳга тегишли 4 автомашина йўқ қилинганини маълум қилган. Ҳодиса содир бўлган ҳудудда йўллар ёпилган, Тожикистоннинг бошқа минтақалари ва пойтахт Душанбеда қуролли постлар қўйилган.

Тожикистон Давлат Миллий хавфсизлик қўмитаси (ДМХҚ) матбуот хизматининг маълум қилишича ушбу шахслар ИШИД жангарилари эканлиги тахмин қилинмоқда.

“Олиб борилган тергов ва қўлга олинган жангариларни сўроқ қилиш натижасида аниқланишига кўра, 6 ноябр оқшом чегара постига ҳужум қилган қуролланган террорчи гуруҳ 3 ноябр куни Афғонистоннинг Қалъаи Зол ҳудудидан махсус буйруқ асосида афғон-тожик чегарасини ноқонуний кесиб ўтган”, деб хабар қилмоқда Тожикистон Давлат Миллий хавфсизлик қўмитаси (ДМХҚ) матбуот хизмати.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ИШИД жангари гуруҳининг етакчиси ал-Бағдодий йўқ қилинган эди.

Фикрлар

Фикрлар мавжуд эмас