Ўзбекистон халқ артисти Юлдуз Усмонова Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг тўнғич қизи, собиқ Фонд Форум васийлик кенгаши раиси Гулнора Каримовага қарши шов-шувли видеомурожаат йўллади.

Аввалроқ, ўзбекистонлик таниқли хонандалар Гулнора Каримованинг ҳимоясига отлангани, ижтимоий тармоқлардаги саҳифасига унинг суратини жойлаштириб, уни соғинганини ёзиб қолдираётган эди. “Сарой хонандаси” номини олган ва Гулнора Каримова билан яқин бўлган Ўзбекистон халқ артисти Юлдуз Усмонова Каримовани қўллаб-қувватлаётган хонандаларга қарши чиқиб, уни ўғриликда айблади ва Биринчи президентнинг набираси Имон Каримованинг аввалги мурожаатига қарши кескин чиқиш қилди. Ушбу видео айни дамда ижтимоий тармоқлар орқали яшин тезлигида тарқалмоқда.

“Ассалом алайкум, азизларим, қадрдонларим. Биринчи берган интервьюдан кейин ҳар-хил ғийбатлар, гап сўзлар етиб келяпти. Ўзим интернетга кириб ёзишга вақтим бўлмайди. Аммо бир икки марта жавоб ёздим. Шу иштон ҳақида, дўстлик ҳақида гапираётганлар этиборига айтмоқчиман, яъни тўйимзнинг пулини санаганлар диққатига: Мен Туркияда яшаб юрган, ҳайдалган даврларимда, қўшиқлар айттирилган буюртма қилиб. Кийдирилган либослар масаласи ҳам шундай бўлган: 2800 долларга 3 та либос оласан дейишган.

3500 долларга эса алоҳида сумка олдиришган. Ўша сумкани совға қилиб юбордим, ҳозир қизимнинг қўлида бўлса керак. Нечтасига оласанми десам йўқ дейишган. Ҳеч нарсани шунчаки олмаганман, қарз бўлмаганман, бировдан текинга ҳеч нима олганим йўқ. Мен шундай инсонман, ҳеч кимдан текинга нарса олмайман. Бермайман ҳам олмайман ҳам, мен шундай одамман.

Дўстлик масаласига келадиган бўлсак, мен ҳеч ким билан чой ичиб, ош қатиқ бўлиб ўтирган жойим йўқ. Уларнинг маросимлари чиқиб қолса менга “аъло” деб қўнғироқ қилинарди холос. Ҳатто чиптага ёнимдан пул тўлар эдим. Ҳозиргиларга ўзлари олиб беришади. Шахсий ҳисобимдан чиптани олиб, қўшиқ айтиш учун шу ерга келардим. Яна уч кундан сўнг чиқиб кетар эдим. Уч кундан ортиқ қолдиришмаган, шунчалик дўст бўлган эканмиз...

Ўша “Гулисан” қўшиғимни афғонлар студиасида эрталабги соат 4га қадар ёзиб ўтирганмиз. Битта қўшиқ устида 19 киши ишлаганмиз. Биронтамизни уйимизда янги йил бўлмаган, ўшандан кейин ҳам бориб дастурхонга ўтирмаганмиз, эшик тагида гадойга ўхшаб турганмиз. Кейин олиб кириб бизни қўшиқ айттириб “вуй молодцы” деб ортимиздан тепиб чиқариб юборишган.

Энди яна бир гап қачон ҳозиргидек бемалол гапирганмиз, ҳақиқатни айтаман деб қанчаси Амударёда оқиб ётибди. Агар у пуллар юртимизга қайтарилса қанча одамга фойда, уйсизларга уй берилади. Бир ўзи шунча пул олган бўлса, атрофидагилар ундан фойдаланиб қанча олган экан?

Соғинганларга гапим: ўша пайтда унга ҳам ёрдам керак эди. Кайси бирингиз унинг ёнида тургандингиз. Энди ҳаммани кўз ўнгида бунақа гапларни гапириш шарт эмас. Ўша пайтда ёнида турмаганлар, энди чиқиб қолса, нима дейман деб соғиниб қолдим деб ёзяпсизлар. Ёлғон ўша соғинганингиз. Менинг кийимимда юрмагансизлар. Қизим, невараларим шу ерда эди.

Бизга нима дейишган, қай аҳволда бўлганмиз, Туркияга бориб шундай яшаб кетмаганмиз. Ҳамма нарсамизни олиб қўйишган, эр-хотин биргина кичик чемаданча билан кетганмиз. Ўзингиз хулоса чиқаринглар. Давлатникини, халқникини “еган” албатта жавоб беради. Чунки бу халқники, болаларимизники. Бу ҳаммага дарс бўлсин. Мен ҳақиқатни айтишдан қўрқмайман, бир бошга бир ўлим. Бугун айтган гапимни эртага ҳам айта оламан”, деган Усмонова.

Гулнора Каримовнинг қизи Имон Каримова Юлдуз Усмонованинг биринчи видеомурожаатидан кейин Имон ижтимоий тармоқдаги саҳифасида Усмонованинг онаси ва бобосига атаб қўшиқ айтгани учун миннатдорлик билдирди.

Шунингдек, Юлдуз Усмонова Ўзбекистонда тақиқда бўлган кезларда Гулнора Каримованинг дастаги эвазига қизи Нилуфар Усмонова билан “Асрлар садоси” сахнасида чиқиш қилганини эслатиб ўтди. Мана шундан сўнг Юлдуз Усмонова иккинчи видеомурожаатни ижтимоий тармоқдаги саҳифасига жойлади.

Юлдуз Усмонова Ўзбекистондаги энг қимматбаҳо санъаткорлардан саналади. Унинг битта тўйга 20 дақиқага бориш нархи 2 минг АҚШ долларига тенг. У сўзида давом этиб, бу ишларга аралашгунча, қўшиқ айтишни ўрганиши кераклигини қўшимча қилди.

Ўзбекистон халқ артисти Юлдуз Усмонованинг видеомурожаатда айтганларини ижтимоий тармоқларда ўзбекистонлик кўплаб кузатувчилар маддоҳлик сифатида баҳолаяпти. Боиси Юлдуз Усмонова Гулнора Каримова энг “гуллаган” даврида унинг энг яқин дугонаси сифатида кўрилган. Гулнора Каримова Юлдуз Усмонова концертларининг доимий меҳмони бўлган. Хусусан, Юлдуз Усмонованинг 2006 йилда “Халқлар дўстлиги” саройида бўлиб ўтган концерт дастурига Гулнора Каримова ҳам ташриф буюриб, уни гулдаста билан қутлаган эди.

Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов раҳбарлигининг дастлабки 15 йиллигида Юлдуз Усмонова жуда катта мавқега эга санъаткор бўлган. Ҳатто, Олий Мажлис депутатлигига ҳам сайланган. 2006 йилда у жуда катта сиёсий масалаларга аралашиб қолиши оқибатида мамлакатда теле ва радиоларда қўшиқлари янграши тўхтатиб қўйилди. 2007 йилда хонанда энг сўнгги концертини тақдим этди. То Шавкат Мирзиёев Президент бўлгунига қадар “запрет”да бўлди ва фаолиятини Туркияда давом эттирди.

Ушбу давр оралиғида Гулнора Каримова Юлдуз Усмоновани бир неча бор “запрет”дан чиқаришга ҳаракат қилди. Бироқ бу ишлар самара бермади. 2013 йилда Гулнора Каримова томонидан ўтказилган “Асрлар садоси” фестивалида Юлдуз Усмонованинг чиқиш қилиши ҳақидаги хабарлар катта шов-шувларга сабаб бўлди. Юлдуз Усмонова “Асрлар садоси” фестивали ўтказилаётган майдон саҳнасига қадар борди. Унинг қўшиғи эндигина саҳнада янграй бошлаганда қўшиққа тақиқ қўйилди ва Юлдуз Усмонова саҳнага чиқарилмади. Ҳолбуки, Гулнора Каримова унинг чиқишини жуда хоҳлаган эди.

Маълумотларга қараганда, Юлдуз Усмоновага бўлган чекловни ҳатто, Гулнора Каримова ҳам олиб ташлолмаган. Ўша даврларда Юлдуз Усмонова “запрет”дан чиқиш учун бир неча бор Ватанни, Президент Каримов сиёсатини мадҳ этиб қўшиқлар куйлади. Бу қўшиқлардан яна бири тўғридан-тўғри Гулнора Каримовага қаратилди. Унда хонанда Гулисан дея, Гулнора Каримовани барча кўнгилларга яхшилик, илиқлик ва қувонч улашувчи фаришта сифатида мадҳ этади.

Фикрлар

Фикрлар мавжуд эмас